Олмаотада январь воқеалари қурбонлари хотираси учун ўрнатилган «Тағзим» ёдгорлиги очилди. Маросимда Қозоғистон президенти қатнашди. У фожиали ҳодисаларни доимо ёдда тутиш лозимлигини, шу боис ёдгорлик ўрнатиш ҳақида кўрсатма берганини таъкидлади. Воқеалар давомида 238 киши ҳалок бўлганди.
Қозоғистон бош прокуратураси хабар беришича, январь воқеалари бўйича очилган ишларга 11 нафар Ўзбекистон фуқароси жалб қилинган. Улар тартибсизликларда иштирок этиш ва ўғриликда гумонланмоқда.
Қозоғистон бош прокурори январь воқеалари вақтида жами 230 киши ҳалок бўлгани, шундан 19 нафари ҳарбийлар эканини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, вафот этганларнинг энг кўпи Олмаота шаҳрига (139 киши) тўғри келмоқда. 20 нафар фуқаро эса тасодифан отишмалар оқибатида ҳалок бўлган. Тартибсизликларга Қозоғистон МХҚнинг собиқ раиси ва собиқ мудофаа вазири ҳам алоқадорлиги айтилмоқда.
Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев мамлакатдаги фожиали воқеалардан сўнг биринчи марта баёнот билан чиқди. У 2019 йилдан бери нафақада экани ва ҳеч қаерга кетмаганини таъкидлади. Қасим-Жомарт Токаев «барча ҳокимиятга эга», «элитада ҳеч қандай зиддият ёки қарама-қаршилик йўқ», — деди у.
ТИВ расмий вакили «Жибек жоли» ўтиш пунктида Қозоғистондаги тартибсизликларда иштирок этганликда гумон қилиниб, қўлга олинган шахс Ўзбекистон фуқароси эканлигини рад этди.
Ўзбекистон президенти 5 январь куни қисқа муддатли меҳнат таътилига чиқиб, 7 январь куни одатдаги тартибда ишлашга киришган эди. Давлат раҳбарининг матбуот котиби Шерзод Асадов айнан Қозоғистондаги тартибсизликлар туфайли Шавкат Мирзиёев меҳнат таътилидан 2 кунда қайтгани маълум қилди.
Шавкат Мирзиёев Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида Қозоғистондаги вазиятга тўхталиб ўтди. «Биз учун яқин қўшни ва қардош Қозоғистонда содир бўлган воқеалар ҳаммамизни жиддий ташвишга солди», — деди у. Президент қўшни мамлакатдаги вазият аста-секин ўз изига тушиб бораётгани ҳамда одамлар осойишта ҳаётга қайтаётганини таъкидлади.
КХШТнинг Қозоғистондаги асосий миссияси якунланди, контингентни олиб чиқиш 2 кундан кейин бошланади ва бу жараён 10 кундан ошмайди, деди президент Қасим-Жомарт Токаев. Унинг таъкидлашича, иттифоқчиларга мурожаат қилиш вақтида ҳукумат Олмаота, кейинчалик эса мамлакат устидан назоратни бутунлай йўқотиши мумкин эди. Президент Миллий хавфсизлик қўмитаси террорчилик таҳдидининг олдини ўз вақтида бартараф эта олмаганини таъкидлади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг